Ўзбекистонда аҳоли сони 2,1% га ошди

Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ўтган йилнинг мос даврига кўра 755,6 минг кишига кўпайган. Статистика агентлиги демографик ҳолат ҳақидаги ҳисоботда бу ҳақида батафсил маълумот берган.

Қайд этилишича, 2024 йил январь–cентябрь ойларида туғилганлар сони ўтган йил мос давридагидан камайди, вафот этганлар эса кўпайди.

Жорий йил 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 37 миллион 355 минг кишидан ошди. Шундан эркаклар сони 18,8 миллион, аёллар 18,5 миллион нафардан кўпроқ. Мамлакат шаҳарларида 19 миллион, қишлоқларида 18,3 миллион киши яшамоқда.

Январь–cентябрь ойларида республикада 693,9 минг нафар чақалоқ туғилган. Таққослаш учун, 2023 йилнинг мос даврида туғилишлар сони 716,9 мингтани ташкил этган.

Доимий аҳоли сонининг энг кўп улуши Самарқанд вилоятида — 4,3 миллион кишига яқинлашган. Шу билан бирга, Фарғона (4,1 миллион киши) ва Қашқадарё (3,6 миллион киши) вилоятларида қолган ҳудудларга қараганда кўп аҳоли истиқомад қилмоқда.

Энг кам аҳоли яшаётган ҳудуд Сирдарё вилояти бўлиб қолмоқда—926,7 минг нафар. Шунингдек, Навоий вилояти аҳолиси ҳам (1,1 миллион киши) энг кам улушни ташкил этмоқда.

Жамият