Шавкат Мирзиёев Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбар қўйди

Президент Шавкат Мирзиёев машҳур давлат арбоби, енгилмас саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

Амир Темур XIV асрда, ғоят мураккаб бир даврда мамлакат ҳудудида миллий давлатчиликни қайта тиклаб, Ватан озодлиги йўлида улкан жасорат кўрсатган буюк тарихий шахсдир. У асос солган қудратли салтанат жаҳон цивилизацияси тарихида ўчмас из қолдирган. Соҳибқироннинг ҳаёти ва фаолияти салкам етти асрдан буён дунё олимлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганиб келинмоқда. Турли мамлакатларда Амир Темур ва темурийларга бағишлаб минглаб бадиий, илмий ва санъат асарлари яратилган.

Маълумки, кейинги йилларда мамлакатда Амир Темур ва темурийлар меросини чуқур ўрганиш, уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Амир Темурнинг 690 йиллиги муносабати билан алоҳида қарор қабул қилиниб, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, ҳар йил апрель ойини мамлакатда Амир Темур ойлиги сифатида ўтказиш белгиланди. Ижодкорлар томонидан янги илмий ва бадиий китоблар, фильм ва спектакллар, тасвирий санъат асарлари яратилмоқда.

Бундан ташқари, шу кунларда пойтахтда Амир Темур ва темурийлар Ренессансига бағишланган нуфузли халқаро конференция ўтказилмоқда. Унда мамлакат олимлари билан бир қаторда дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган атоқли тарихчилар, шоир ва адиблар, маданият ва жамоат намояндалари иштирок этмоқда.

Тадбир давомида Амир Темур хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилиб, ҳайкали пойига гуллар қўйилди ва президент Шавкат Мирзиёев томонидан хиёбонда кўчат экилди.

Ўзбекистон