Андижонда 3 та автомобиль билан ЙТҲ содир болди
Андижонда ЙПХ инспекторининг талабига бўйсунмаган ҳайдовчи ЙТҲ содир этиб, қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.
Қайд қилинишича 26 май куни соат 14:00 атрофида Андижон туманидаги «Янги Асака» йўлида ЙПХ инспектори Nexia-2 русумли автомобиль ҳайдовчисига тўхташ ишорасини берган. Бироқ ҳайдовчи инспекторнинг қонуний талабига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттирган.
У ички кўчадан асосий йўлга кескин чиқиб, ҳаракатланиб келаётган Labo ва Captiva русумли автомобиллар билан тўқнашиб, ЙТҲ содир этган. Шундан сўнг воқеа жойидан яширинган ҳайдовчи Асака тумани «Ҳумо» МФЙ ҳудудида ЙПХ ходимлари томонидан қўлга олинган.
Ҳодиса натижасида ҳеч ким тан жароҳати олмаган, бироқ транспорт воситаларига техник зарар етган.
Автомобиль ва ҳайдовчи икки нафар гувоҳ иштирокида кўздан кечирилганида, салондан ўткир тиғли жисм (пичоқ) топилган, ҳайдовчининг эса тегишли ҳужжатларсиз транспорт бошқаргани аниқланган.
Ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан МЖтКнинг 288-моддаси асосида ҳуқуқий чора кўрилиб, у вақтинча ҳибсга олинган. Ҳозирда дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.