Андижонда ЙТҲлар оқибатида 137 нафар фуқаро вафот этган

Андижон вилоятида 2024 йилнинг 11 ойи мобайнида 630 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, оқибатда 137 нафар фуқаро вафот этган. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ бошлиғи Рустам Мақсудхўжаев ҳисоботида маълум қилди.

Қайд этилишича, Андижон вилоятида 2024 йилнинг 11 ойи давомида содир бўлган 630 та йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 137 киши вафот этган, 426 нафар фуқаро эса турли даражада тан жароҳати олган.

Таъкидланишича, 2024 йилда йўл-транспорт ҳодисалари ва уларнинг оқибатида жабрланганлар сони 2023 йилга нисбатан камайган. Мисол учун, 2023 йилнинг 11 ойи давомида 681 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, оқибатда 1139 киши вафот этган, шунингдек, 474 нафар фуқаро турли хил оғир тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. 

Натижада ЙТҲлар 7 фоизга, вафот этганлар 1,4 фоизга, турли тан жароҳатлари олганлар эса 10 фоизга камайган. Шундай бўлса-да, ўтган йилларга нисбатан Хонобод шаҳри, Улуғнор, Асака, Андижон, Қўрғонтепа ва Избоскан туманларида ўлим билан боғлиқ ҳолатлар ошган.

Ушбу йўл транспорт ҳодисалари болалар иштирокида таҳлил қилинганда ўтган 11 ой мобайнида 171 та содир этилган бўлиб, оқибатда болаларнинг 144 таси тан жароҳати олган, 28 нафар болалар вафот этган.

Андижон