Тошкентда фуқаронинг беҳаё суратларини тарқатмаслик учун бир неча миллион сўм ундириб келган шахс ушланди

Чилонзорда жойлашган автотураргоҳда 1 миллион сўм пулларни олиб, ҳодиса жойидан яширинаётган вақтида фуқаро  ЖҚБ ходимлари томонидан қўлга олинган, деб хабар бермоқда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

Хабарга кўра, 19 май куни соат 19:00ларда 25 ёшли А.А. 31 ёшли Х.Г.ни турли хилдаги беҳаё суратларини интернет ижтимоий тармоқларига қўйиб обрўсизлантириб, шарманда қилиш билан қўрқитиб, пул олаётган вақтида ушланган.

Қайд этилишича, терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, 2020 йилнинг апрель ойидан 2021 йилнинг май ойига қадар А.А. фуқаро Х.Г.ни суратларини интернет ижтимоий тармоқларига қўйиш билан қўрқитиб, нархи 80 миллион сўмлик «Lacetti» русумли автуловини ишончнома асосида олгани, бундан ташқари жами 14 миллион сўмлик 40 граммли тилла тақинчоқлари, 42 миллион сўм ва 600 АҚШ доллар пулларини товламачилик йўли билан қўлга киритиб келганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Чилонзор тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а» банди (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар