Ўзбекистон президентлиги сайловига Мақсуда Ворисова номзоди тасдиқланди
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг бўлиб ўтган XII қурултойида Ўзбекистон президентлигига партия марказий кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова номзоди сезд делегатларининг кўпчилик овози билан тасдиқланди, деб хабар бермоқда «Дарё».

Фото: «Дарё»
Хабарга кўра, Қурултойда ХДПдан Ўзбекистон Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги масала атрофлича муҳокама қилинди ва кўриб чиқиш учун тавсия этилган партия марказий кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисовани партиядан Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида тасдиқлади.
Қайд этилишича, Қурултойда Мақсуда Ворисова «Барчага ғамхўрлик давлатнинг бурчидир!» шиори асосида тўққизта устувор йўналишдан иборат сайловолди дастурини эълон қилди.
Таъкидланишича, дастур лойиҳасининг асосий мақсади мамлакатда ижтимоий тенглик ҳамда халқ демократияси мезонларига мос бўлган давлат ва жамият барпо этишга қаратилган. Хусусан:
- аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ солиш тизимини жорий этиш;
- ҳар бир инсоннинг минимал ижтимоий хизматларни бепул олишини қонунчилик даражасида кафолатлаш;
- олис ва чекка ҳудудларда шифокорлар ҳамда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун «Қишлоқ шифокори» ва «Қишлоқ ўқитувчиси» дастурларини амалга ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини қонунчилик асосида мустаҳкамлаш;
- аҳолининг кам таъминланган қатламларига бепул, сифатли ва тўлақонли, шу жумладан профилактика тиббий хизматларни ўз ичига олган тиббий ёрдам кўрсатиш;
- пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатлайдиган пенсия ва ижтимоий таъминотнинг мақбул тизимни шакллантириш;
- кам таъминланган, лекин боқимандалик кайфиятида юрган фуқароларни жамиятимизнинг фаол иштирокчисига айлантириш;
- ногиронлиги бўлган шахсларга оид халқаро меъёрлар ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш;
- умумхалқ аҳамиятига эга иқтисодиёт тармоқларининг бошқарувида давлат иштирокини мустаҳкамлаш.
Бундан ташқари, Қурултой делегатлари номзоднинг сайловолди дастурини шакллантириш бўйича бир неча ой давомида изчил иш олиб борилгани, бошланғич ташкилотлардан тортиб, ҳудудий кенгашларгача таклифлар шакллантирилгани, партиянинг кўп минг сонли фикри ва қарашлари дастурда ўз ифодасини топаётганини таъкидлашди ҳамда Ўзбекистон Президентлигига Халқ демократик партиясидан кўрсатиладиган номзоднинг сайловолди дастури тасдиқланди.