Бухорода истеъмолга яроқсиз ёғ махсулотини сотаётган шахс ушланди
Когон шаҳрида инсон ҳаёти ва саломатлигига хавф солувчи истеъмолга яроқсиз ёғ махсулотини сотаётган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ хабар қилмоқда.
Хабарга кўра, «Соҳибкор деҳқон бозори» МЧЖ автотураргоҳида Когон шаҳар Адолат маҳалласида яшовчи 1968 йилда туғилган З.Ҳ. исмли шахс ўзга бир шахсга қўлбола усулда чигитдан олинган ҳар бир литр ёғни 30 минг сўмдан сотишга келишиб, 120 литр ёғни 3 миллион 550 минг сўмга сотаётганлиги вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан аниқланган.
Қайд этилишича, фуқаро З.Ҳ. дан тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган 120 литр жувоз ёғи санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати хулосасига кўра инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф солувчи ҳамда истеъмолга яроқсиз эканлиги, ушбу ёғ маҳсулоти истеъмол қилинганида ошқозон ва жигар аъзоларига салбий таъсир этиб, ўткир ва сурункали заҳарланиш ҳолатларини келтириб чиқариши мумкинлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро З.Ҳ.га нисбатан ЖК.нинг 1862-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.