Ўқитувчилар маоши қачон 1000 долларга етиши айтилди
Ўзбекистонда 2024 йилга бориб ўқитувчиларнинг маошини 1000 АҚШ доллари эквивалентига етказиш режалаштирилаётгани маълум қилинди. Бу ҳақда Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов сўзларига асосланиб Qalampir хабар берди.
«Президент топшириғига кўра, ўқитувчиларнинг ойлигини 2024 йилгача халқона тилда айтганда 1000 долларга етказишни мўлжаллаганмиз ва бу масалада таклифлар тайёрланмоқда. Бу бўйича Молия вазирлиги билан ҳам ишлаймиз. Қарор лойиҳаси ишлаб чиқилгач, уни албатта, жамоатчилик, хусусан, ўқитувчи-устозларимиз билан муҳокама қиламиз», – деди Темур Комилов.
Таъкидланишича, 2018 йилдан бугунгача ўқитувчиларнинг маоши 2 босқичда оширилган. Аввал ўқитувчининг ўртача иш ҳақи 1,4 млн сўм атрофида бўлган бўлса, ҳозирги кунда 1,5 бараварга оширилиб, 2,6 млн сўмга етказилди.
Шу билан бирга, ўқитувчиларнинг маошини 1000 долларга етказишда уларнинг тоифаси ҳам инобатга олинади.
Аввалроқ, охирги 3 йилда ўқитувчиларнинг ойлиги қанчага ошгани маълум қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Мавзуга доир: