Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги янги доимий вакили тайинланди
Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Нодиржон Турғунов мамлакатнинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили ҳам бўлди. Бу ҳақида «Дунё» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
ИҲТ бош котиби доимий вакилнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилиб, уни ушбу лавозимга киришиши билан табриклади ва масъулиятли миссиясини амалга оширишда муваффақият тилади.
Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва ИҲТ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди. Шунингдек, таълим, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва инновациялар каби йўналишларда ҳамкорликни фаоллаштиришдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.
Ташкилот бош котиби Ўзбекистон «ислом уммати бирлигини мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш, таълим ва маданий меросни асраб-авайлашга қаратилган ташаббусларни илгари суришда муҳим роль ўйнашда давом этаётгани, бу эса уни ИҲТ мақсадларини амалга оширишда асосий ҳамкорлардан бирига айлантираётгани»ни таъкидлади