Қоракўлда 1,2 млрд сўмлик лойиҳа асосида 20 гектар ер балиқчилик комплексига айлантирилади (фото)
Бухоро вилояти Қоракўл туманида 1,2 миллиард сўмлик лойиҳа асосида 20 гектар ер балиқчилик комплексига айлантирилади. Бу ҳақда туман ҳокимлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Қоракўл туманидаги «Дўстлик» маҳалласида жойлашган 0,6 гектар майдондаги сунъий балиқ ҳавзасида туман ҳокими Шерали Саломов, сектор раҳбарлари ва маҳаллий тадбиркорлар иштирокида балиқчилик хўжалигини туманда яна-да кенгайтиришга бағишланган амалий семинар ўтказилди.
Семинар қатнашчиларига Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими томонидан балиқчилик саноатидаги солиқ имтиёзлари ва имкониятлари тушунтирилди.
Тўпланган тажрибага таяниб, туманда янги лойиҳалар асосида 20 гектар ерни балиқчилик комплексига айлантириши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 1,2 миллиард сўмни ташкил этиб, балиқ етиштириш қуввати йилига 30 тоннани ташкил этади.
Маълумот учун, Фарғонада йил якунигача 35 минг тонна балиқ етиштирилади. Бухоро туманида эса куз фаслида 200 тонна балиқ маҳсулоти олиниши маълум қилинди.