Қашқадарёда жойлашган «Талимаржон ИЭС»да 900 МВтли навбатдаги буғ-газ қурилмалари қурилиши маълум бўлди
Лойиҳанининг умумий қиймати тасдиқланган техник-иқтисодий асосга кўра 944,87 миллион АҚШ долларига тенг. Бу ҳақда Tez News мухбири хабар берди.
Хабарга кўра, «Талимаржон иссиқлик электр станцияси» акциядорлик жамиятида учта энерго блок мавжуд. Станцияда ўрнатилган қувват 1700 МВт соат.
Маълум бўлишича, 1-сонли 800 МВт ли энергоблок 2004 йил ноябрда ишга туширилган, 2 ва 3-сонли ҳар бирининг қуввати 450 МВт ли Буғ-газ қурилмалари 2017 йил февралда тўлиқ қувватларда электр энергиясини ишлаб чиқаришни бошлаган.
Қайд этилишича, биринчи энергоблокда 1 кВт соат электр энергиясини ишлаб чиқариш учун 313,58 грамм шартли ёқилғи сарфланган. 2 ва 3-буғ газ қурилмаларида эса бу кўрсаткич 220-221 граммни ташкил этган.
Шунингдек, 2 ва 3-буғ газ қурилмалари Жанубий Кореянинг «Hyundai Engineering and Construction» ва «Daewoo International Corporation» компаниялари консорциуми томонидан қуриб фойдаланишга топширилган.
Таъкидланишича, сифатли электр энергияси ишлаб чиқариш қаторида, маҳсулот таннархи пасайишига эришилди ҳамда табиатга чиқарилаётган зарарли газлар йилига 3,1 мартага камайган.
Бундан ташқари, «Талимаржон иссиқлик электр станциясини умумий қуввати 900 МВтдан кам бўлмаган навбатдаги иккита буғ-газ қурилмаларини қуриш билан кенгайтириш» қарори асосида станцияни кенгайтириш бўйича йирик инвестицион лойиҳани амалга ошириш мақсадида бир қатор компаниялар билан ҳамкорлик қилинмоқда.
Лойиҳанининг умумий қиймати тасдиқланган техник-иқтисодий асосга кўра 944,87 миллион АҚШ долларига тенг. Шундан:
- Осиё тараққиёт банки 450 миллион АҚШ доллари;
- Европа тикланиш ва тараққиёт банки 237,6 миллион АҚШ доллари;
- Ўзбекистон Республикаси тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 94,3 миллион АҚШ доллари;
- ўз маблағлари 47 миллион АҚШ доллари;
- Ўзбекистон Республикаси давлат улуши 115,9 миллион АҚШ доллари.
Айни пайтда, Осиё тараққиёт банкининг талабларига мувофиқ бугунги кунга келиб халқаро тендер савдолари ўтказилмоқда, унда 6 та компания тендер таклифларини билдирган.
4 ва 5- блоклар ишга туширилгач, станциянинг умумий ишлаб чиқариш қуввати камида 2600 МВт. ни ташкил қилади, йилига қўшимча 7,2 миллиард кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.