Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Афғонистон билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Россия етакчилари икки томонлама ва минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Маълум бўлишича, Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида Россия Президенти давлатимиз раҳбарини таваллуд айёми билан дилдан муборакбод этиб, Ўзбекистон халқига тинчлик, фаровонлик ва бардавом равнақ тилади.
Қайд этилишича, давлат раҳбарлари минтақа кун тартиби, шу жумладан Афғонистон бўйича юзага келаётган вазият хусусида фикр алмашдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон-Россия стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилди ҳамда Олий даражадаги тадбирлар режаси муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқариш бўйича қўшма қувватларни тез фурсатда ишга тушириш муҳим экани таъкидланди.