«Ниятимиз — ютиш» — Алишер Қодиров президентлик сайловларида ғалаба қозонишни ният қилаётгани маълум бўлди

«Миллий тикланиш» партияси ушбу сайловда ғолиб бўлишни хоҳлаётганини билдирмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.

Хабарга кўра, партия раҳбари Алишер Қодиров президентлик сайловларида номзод сифатида илгари сурилади. Унинг номзоди август охирида партия съездида ҳам маъқулланиши керак.

Қайд этилишича, партия марказий кенгашининг навбатдан ташқари пленумидан кейин бўлиб ўтган брифингда Алишер Қодиров журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб берди.

«Бизнинг тахминимиз бир нарсада: Ўзбекистон янгиланди ва Ўзбекистонда янги сайловлар бўлади. Биз тарихда кўп кўрганмиз. Лекин ҳозир янги Ўзбекистонда бутунлай янги сайловлар бўлишига ишонамиз. Ушбу сайловларда ягона мақсадамиз — Ўзбекистонга ўз дастурларимизни тақдим этиш ва ягона сайловчи бўлган ўзбек халқини хулосаси ва қарорига бўйсуниш. Ниятимиз — ютиш», — деди Алишер Қодиров.

Шунингдек, партия таълим ва тарбия соҳасини биринчи ўринда устувор вазифа сифатида ислоҳ қилишни олдига мақсад қилиб қўйгани таъкидланди.

Янгиликлар