Ўзбекистонда туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарликка тортиш тартиби ўзгарди
Ўзбекистонда туҳмат ва ҳақорат бўйича маъмурий иш юритишда хусусий айблов тартиби жорий этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда туҳмат, ҳақорат каби айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича жавобгарликка тортиш фақат жабрланувчининг аризасига асосан амалга оширилади. Бироқ жабрланувчи вояга етмаган ёки ўз ҳуқуқларини мустақил ҳимоя қила олмайдиган ҳолатда бўлса, ваколатли орган мансабдори ишни унинг аризасисиз ҳам кўриб чиқади.
Янги тартиб билан бир қаторда, айрим ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинди. Хусусан, автомат телефонларни шикастлантириш ҳамда рухсатсиз радиоузаткич шохобчаси ўрнатиш ёки ундан фойдаланиш шулар жумласидан.
Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.