Аттракционлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича техник регламент тасдиқланди
Вазирлар Маҳкамасида 26 декабрь куни «Аттракционлар хавфсизлиги тўғрисидаги Техник регламентни ва Аттракционларни ҳисобга олиш ҳамда уларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор қабул қилинди.
Регламент Ўзбекистон ҳудудида аттракционлардан фойдаланишда инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, шунингдек, уларда хавфсизлик бўйича чалғитувчи ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида қўлланиши ва бажарилиши лозим бўлган ягона талабларни белгилайди.
Техник регламент талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, ФВВ, Энергетика вазирлиги, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, шунингдек, бошқа ваколатли давлат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.
Аттракционларнинг давлат реестрини юритишдан мақсад уларнинг маълумотлар базасини яратиш, саноат хавфсизлиги соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек рўйхатга олинган аттракционлар ва улардан фойдаланувчи ташкилотлар тўғрисидаги тизимли маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва сақлашдан иборат.
Реестрни юритиш қўмитага юкланади ва қуйидаги процедураларни ўз ичига олади:
— рўйхатга олиш рақамини кўрсатиш орқали аттракцион тўғрисидаги зарур маълумотларни маълумотлар базасига киритиш;
— аттракцион тўғрисидаги маълумотларни даврий янгилаб бориш ёки уларни реестрдан ўчириш.
Ҳужжатда аттракционларнинг экстремаллиги ва ундан фойдаланишни ҳар қандай чеклаш ҳақидаги маълумотлар аттракционлардан фойдаланиш бўйича қўлланмада ва ташриф буюрувчилар учун маълумотларда келтирилиши белгиланмоқда.
Аттракционни бошқариш тизимлари огоҳлантириш сигнализацияси воситалари ва хавфли вазиятлар вужудга келишига олиб келадиган аттрацион ишлашидаги носозликлар ҳақида огоҳлантириш учун бошқа воситаларни ўз ичига олиши керак.