Ноқулай табиий шароитларда ишловчи ходимларга устама тўланади

Ў️збекистонда ноқулай табиий-иқлим шароитларида ишловчи айрим ходимларга иш стажидан келиб чиқиб устамалар тўланади. Ҳукумат қарори билан тегишли низом тасдиқланди.

️Низом Навоий вилоятининг Учқудуқ, Зарафшон, Самарқанд вилоятининг Нуробод шаҳарлари ва Конимех тумани Зафаробод шаҳарчасидаги бюджет ташкилотлари ходимларига компенсация хусусиятига эга бўлган устама тўлаш тартибини белгилайди.

Шаҳарлардаги бюджет ташкилотлари ходимларига ноқулай табиий-иқлим шароитларида ишлаганлик учун ойлик устама тўловлари бюджет ташкилотларида ишлаган иш стажидан келиб чиқиб, куйидаги миқдорларда белгиланади:

• 3 йилгача иш стажига эга бўлган ходимларга тариф ставкасининг (лавозим маошининг) 0,25 фоизи;

• 3 йилдан 5 йилгача иш стажига эга бўлган ходимларга тариф ставкасининг 0,5 фоизи;

• 5 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимларга тариф ставкасининг 0,75 фоизи.

Шаҳарлардаги бюджет ташкилотларида ишланган ёки лавозими сақланган давр, шунингдек, Навоий кон-металлургия комбинати, «Навоийуран» ва Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси тизимидан Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги тизимига ўтказилган ходимларнинг ушбу корхоналарда ишлаган даври ойлик устамани олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига киритилади.

Жамият