Ўзбекистонда 18 та банк қоидабузарликлари сабаб 102 млн сўмга жаримага тортилди
Ўзбекистон Марказий банки томонидан сентабр–октабр ойларида тижорат банкларининг расмий веб-сайтлари мониторингдан ўтказиб, қатор камчиликлар ва қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида»ги Қонун талабларига риоя этилмасдан айрим банкларнинг веб-сайтларида маълумотлар давлат тилида жойлаштирилмаганлиги аниқланди.
Бундан ташқари, ахборотларни ошкор этиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этилмаган ҳолда айрим банкларнинг веб-сайтларида кредит таъминотига қабул қилинган гаров мулкларини кредитнинг асосий қарзи қолдиғига мутаносиб равишда босқичма-босқич гаровдан чиқариш тартиби жойлаштирилмаганлиги маълум бўлди.
Хусусан, Agrobank, Anorbank, Hayot Bank, Universalbank, Garant bank, Asakabank, Turonbank, InfinBank, Mikrokreditbank, Trastbank, Madad Invest Bank, Saderat Bank, Orient Finans Bank, Ipoteka bank, Tenge Bank, Ziraat Bank Uzbekistan, AVO bank ва Openbank каби банкларнинг расмий веб-сайтларида юқорида қайд этилган тартиб жойлаштирилмаганлиги кузатилди, — дейилади хабарда.
Мониторинг якунларига кўра Марказий банк томонидан қоидабузарликка йўл қўйган банкларнинг ҳар бирига нисбатан амалдаги норматив ҳужжатларга мувофиқ 102 млн. сўмдан жарима чораси қўлланилди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда расмий веб-сайтлардаги маълумотларни қонунчилик талабларига тўлиқ мослаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар юборилди.
Марказий банк барча тижорат банкларидан:
• ахборотларни истеъмолчиларга ошкор этишда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида»ги Қонун талабларига сўзсиз риоя этилиши;
• расмий веб-сайтларда жойлаштирилаётган маълумотларнинг тўлиқлиги ва долзарблиги таъминланиши;
• расмий веб-сайтларда жойлаштирилган ахборотларни ошкор этишда истеъмолчиларининг тўлиқ, ишончли ва тушунарли маълумот олиш ҳуқуқи ҳисобга олиниши лозимгини қатъий равишда талаб этиши билдирган.




