Ўзбекистонлик талаба Сеулдаги халқаро танловда ғалаба қозонди
Корея Республикасининг Ёнсе университетида (Yonsei University) 31-халқаро корейс тили ва адабиёти ижодий танлови бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 1 октябр куни ўтказилган ушбу анжуман, корейс ёзуви – Хангул эълон қилинганининг 579 йиллигига бағишланди.
Танловда 76 давлатдан 1 400 дан ортиқ хорижликлар ва хориждаги корейслар иштирок этишди. Улар «Ойна» мавзусидаги шеър ва «Хотиралар» мавзусидаги эсселари орқали корейс тилини мукаммал билишлари ҳамда Корея маданиятига бўлган меҳрларини намоён этдилар.
Хусусан, Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Тошкент давлат шарқшунослик университетининг 4-босқич талабаси Сабохат Ғофурова хорижликлар орасида биринчи ўрин, умумий рейтингда эса, корейс иштирокчиларни ҳам қамраб олган ҳолда, учинчи ўринни қўлга киритди.
Сабоҳатнинг ижодий иши нуфузли ҳакамлар ҳайъатида катта таассурот уйғотди. Унинг ижодида тилга муҳаббат, хотира ва инсон қалбини англашга интилиш мужассам эди.

Шундан сўнг, 31 октябр куни бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида 73 нафар ғолибга мукофотлар, дипломлар, пул мукофотлари ва кубоклар топширилди.
Маълумот учун, 1885 йилда асос солинган Ёнсе университети Корея таълимининг ифтихори, илмий салоҳият ва маърифат рамзи ҳисобланиб, уни «Осиёнинг Гарварди» деб аташади.
Ёнсе — Кореянинг энг кучли уч университетидан бири. У халқаро рейтингларда доимо юқори ўринларни эгаллайди: QS ва Times рейтингларида 100 талик рўйхатдан тушмай келади. 2024 йилда унинг битирувчиси, кореялик ёзувчи Хан Ган адабиёт бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлган.





