Uzum Market’да қайтарма муддати қисқарди, қўллаб-қувватлаш ягона ботга ўтказилди
Uzum Market қайтармаларни бепул сақлаш муддатини 30 кундан 10 кунгача қисқартиради
2025 йил 14 июлдан бошлаб Uzum Market’да брак қайтармаларни, шунингдек, FBO ва FBS моделлари бўйича қайтармаларни сақлаш шартлари ўзгаради: уларни омборда бепул сақлаш муддати 30 календарь кундан 10 календарь кунгача қисқаради.
Ушбу қарор омбор инфратузилмаси фаолияти самарадорлигини ошириш зарурати билан боғлиқ. Uzum Market жамоаси таъкидлаганидек, қайтармаларни узоқ вақт сақлаш буюртмаларни қайта ишлашни секинлаштиради ва операцион имкониятларни чеклайди. Муддатнинг қисқариши логистика жараёнларининг барқарорлигини таъминлаш ва ҳамкорларга хизмат кўрсатишни тезлаштириш имконини беради.
10 кунлик муддат тугагач, амалдаги тарифларга мувофиқ сақлаш учун тўлов ундирилади. Сотувчиларга шахсий кабинетдаги «Юкхатлар», «Омбордан қайтаришлар» бўлимида қайтаришларни олишни олдиндан режалаштириш ва муддатларни кузатиш тавсия этилади.
Таъкидлаш жоизки, 2025-йил 14 июлгача бўлган муддатда йиғилган қайтармалар учун аввалги шартлар сақланиб қолади: улар бўйича бепул сақлаш муддати 30 кунни ташкил этади.
15 июлдан бошлаб @Uzum_Market_Helper_bot фаоллаштириш боти ўз фаолиятини тўхтатади — энди барча мурожаатлар ягона қўллаб-қувватлаш канали орқали амалга оширилади.
Uzum Market сотувчиларни қўллаб-қувватлаш каналларини бирлаштиради. 2025-йил 15 июлдан бошлаб @Uzum_Market_Helper_bot фаоллаштириш боти фойдаланувчиларга хизмат кўрсатишни тўхтатади. Кабинетни фаоллаштириш, биринчи жўнатма, шунингдек, шахсий маълумотларни (масалан, телефон рақами, ҳисоб рақами ва бошқа параметрларни) ўзгартириш билан боғлиқ барча саволлар энди асосий қўллаб-қувватлаш канали — @umarket_business_bot орқали кўриб чиқилади.
Хизмат сифатини ошириш ва мулоқотни соддалаштириш мақсадида қабул қилинган қарорга кўра, энди барча мурожаатларни турли ботлар орасида ўтмасдан, ягона дарчага йўналтириш имконияти яратилди.
Ҳамкорларга тезкор маслаҳат ва ёрдам олишда давом этиш учун олдиндан янги ёрдам каналига ўтиш тавсия этилади.