Аи-80 бензини сотуви 2025 йил охиригача чекланиши мумкин

Жамоатчилик муҳокамаси учун «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва «яшил» иқтисодиёт йилида (2025 йил) давлат дастурини амалга ошириш тўғрисидаги президент фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатда кенг жамоатчилик, халқаро ва маҳаллий экофаоллар, Ўзбекистон Экологик партияси, шунингдек, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг таклифларини инобатга олган ҳолда бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш таклиф этилган.

Ҳужжатда 2025 йил якунига қадар «Евро-4» экологик тоифасидан паст бўлган мотор ёқилғисидан фойдаланиш ва сотишни чеклаш учун «барча куч ва ресурсларни сафарбар қилиш» таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, бутун республика бўйлаб иссиқлик ва электр энергетика корхоналарида мазутдан ёқилғи сифатида фойдаланишни тақиқлаш белгиланган, Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган авария ҳолатлари бундан мустасно.

2025 йил 1 майдан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарларида, шунингдек вилоят марказларида қуйидаги йўналишларда янги лойиҳаларни амалга оширишни тақиқлаш таклиф этилмоқда:

— асбест, цемент, шлам ва шлак ишлаб чиқариш;

— кўнчилик ва паррандачилик фабрикалари;

— агар объектлар юқори самарали чанг-газ тозалаш қурилмалари билан жиҳозланмаган бўлса, ҳар қандай турдаги кўмирни ёқиш;

— қора ва рангли металлургия заводлари, заҳарли компонентли шиша ишлаб чиқариш, заҳарли кимёвий моддалар билан ишлаш;

— хавфлиликнинг I ва II синфларига мансуб чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш корхоналари.

Қарорлар