Фарғона водийсига бензин етказиб бериш ҳажми 7 баробарга оширилади

Фарғона водийсини етарли миқдорда автобензин билан таъминлаш учун одатий кунлик таъминот 7 каррага оширилади. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, 4 сентябрь куни Энергетика вазирлиги Фарғона водийсида 2025 йил 5 сентябрь куни соат 12:00 дан бошлаб 36 соат давомида «Оҳангарон–Пунгон» магистрал газ қувури орқали табиий газ узатиш вақтинча тўхтатилиши муносабати билан автомашиналарга газ қўйиш шохобчалари (АГТҚШ) фаолиятига ҳам вақтинча чеклов ўрнатилишини маълум қилган эди.

Шу сабабли, «Ўзбекнефтгаз» ҳудуд аҳолисининг автобензинга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш мақсадида Фарғона водийси учун биржа савдоларига 2000 тонна бензин қўйилишини эълон қилди.

Бу кўрсаткич шу кунга қадар ўртача кунлик 250–300 тоннага тўғри келар эди. 2000 тонна эса одатий кунлик ҳажмга нисбатан 7 карра кўп, — дея айтилади хабарда.

Шунингдек, нефть базалари фаолияти 24 соатлик иш режимига ўтказилиб, автобензиннинг ҳудудий АЁҚШларга узлуксиз етказиб берилиши таъминланиши таъкидланди.

Ўзбекистон