Ўзбекистонда камбағал оилалардаги ишсизлар бепул касб-ҳунарга ўқитилади

Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ва нодавлат таълим ташкилотларини жалб қилган ҳолда ваучер асосида касб ва хорижий тилларга ўқитиш тизимини жорий қилиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Бунда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан касбларга ўқитиш мақсадида ажратиладиган стипендиялар ногиронлиги бор шахсларга, шунингдек муддати уч ойдан кўп давом этадиган ўқув курсларига қабул қилинган Камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг ишсиз аъзоларига тўланади.

Стипендияларни тўлаб бориш туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари орқали амалга оширилади.

Ҳужжат билан қуйидагиларни назарда тутувчи Касб ва хорижий тилларга ўқитиш учун ваучер бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди:

• ишсизлар, шу жумладан, «Камбағал оилалар реестри» га киритилган оилаларнинг ишсиз аъзолари ёки расмий даромадга эга бўлмаган иш қидираётган шахсларни касб ва хорижий тилларга ўқитиш харажатларини ваучер тизими асосида қоплаб бериш тартиби;

• ваучер тизими асосида ўқитадиган таълим ташкилотлари реестрини шакллантириш;

• ваучер бериш ва ундан фойдаланиш, шунингдек, ваучер тизими асосида давлат ва нодавлат таълим ташкилотларини молиялаштириш тартиби.

Таълим ва фан вазирлиги «ecosys.mehnat.uz» тизимида ишсизларни ваучер тизими асосида ўқитадиган таълим ташкилотларининг электрон реестрини юритади. Шу ерда мазкур таълим ташкилотларига қўйиладиган талаблар эълон қилинади.

Ушбу таълим ташкилотлари ваучер тизимидан фойдаланиш учун электрон реестрда рўйхатдан ўтишлари шарт эканлиги айтилди.

Ўзбекистон