Мирзиёев, Алиев ва Бердимуҳамедов учрашувда қандай ҳужжатлар қабул қилди?
«Аваза» миллий туризм зонасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Туркман халқининг миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув савдо-иқтисодиёт, транспорт-коммуникация, энергетика ва гуманитар соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон раҳбари сўзининг аввалида Гурбангули Бердимуҳамедовни август ойи бошида БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси муваффақиятли ўтказилгани билан яна бир бор самимий табриклади. Шунингдек, Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиевни яқинда Вашингтон шаҳрида Арманистон билан тинчлик декларацияси имзолангани билан ҳам дилдан қутлади.
Мирзиёев, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор аниқ таклифларни билдириб, уч давлатнинг улкан транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиш муҳимлиги қайд этди.
Ўзбекистон асосий бозорларга бизнес учун энг қисқа ва манфаатли чиқишни таъминлаш мақсадида юк ташиш тарифларини ўзаро асосда пасайтиришга тайёрлиги билдирилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Каспий денгизи орқали юкларни ташиш учун ўз паром қувватларини яратишдан манфаатдорлиги билдирилди.
Энергетика хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кооперацияни чуқурлаштириш ва энергия ресурсларини учинчи мамлакатларга экспорт қилиш йўлакларини ривожлантириш зарурлиги қайд этилди. Бу борада Европага «яшил» энергия етказиб беришни ташкил этиш лойиҳаси истиқболли экани таъкидланди.
Товар айирбошлашни ва саноат кооперацияси кўламини тубдан ошириш яна бир устувор йўналиш сифатида қайд этилди. Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Туркманистон ва Озарбайжон билан ўзаро савдо ҳажми 2 баробарга ошди. Товар айирбошлаш таркибида саноат маҳсулотларининг улуши 40 фоизга етди.
Барқарор савдо-логистика занжирларини ривожлантириш, улгуржи-тақсимот марказларини ташкил этиш ва йирик савдо тармоқларига чиқиш, фитосанитария ва карантин талабларини унификация қилиш, маҳсулотларни рақамли маркировкалашни жорий қилиш, қўшма электрон платформаларни ишга тушириш ва товар-хомашё биржалари кооперациясини кенгайтиришни назарда тутадиган комплекс ҳаракатлар режасини биргаликда тайёрлаш таклиф қилинди.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев, Гурбангули Бердимуҳамедов ва Илҳом Алиев Қўшма баёнот қабул қилдилар.
Етакчилар ҳузурида транспорт ва логистика, кемасозлик ва фуқаро авиацияси соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар, Товар-хомашё биржалари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.