Ўзбекистонда 2 блогер Adworld’ни реклама қилгани учун судга тортилди
Рақобат қўмитаси хорижга виза олиш ва ишга жўнатиш билан шуғулланувчи субъектни реклама қилган икки блогер устидан баённома тузиб, судга юборди.
Ҳусусан, ижтимоий тармоқлардаги @iwash_tashkent саҳифасини юритувчи блогер О.Жўраев ҳамда @abdurahmonmufid саҳифасини юритувчи блогер А.Абдурахмоновлар томонидан «ADWORLD GROUP» МЧЖ фаолиятига оид хорижга ишга юбориш хизматлари ҳақида реклама-ахборотларини жойлаштирган.
Аммо улар фуқароларга консалтинг хизматлари эмас, айнан хорижга ишлаш учун юбориш бўйича хизматларни реклама қилганлиги аниқланган.
Қайд этилишича, «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, хусусий бандлик агентликларининг Ўзбекистондан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматларига лицензия мавжуд бўлган тақдирда тақдим этилиши белгиланган.
Бунда, тегишли лицензиясиз хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш тақиқланади.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан ижтимоий тармоқларда ўз блогларини юритувчи фуқаролар O.Жўраев ва А.Абдурахмоновларга нисбатан қонун бузилиш ҳолати бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, судга юборилди.