Тошкентда 2 шахс алдов йўли билан тадбиркорга 50 сотих ерни $4 млн сотмоқчи бўлди

Тошкент шаҳрида икки нафар шахс тадбиркорга 50 сотих ер майдонини қарийб 4 миллион АҚШ долларига сотмоқчи бўлган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Аниқланишича, қурилиш объектларини лойиҳалаш билан шуғулланувчи МЧЖнинг офис менежери ҳамда маклерлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро ўзаро тил бириктириб, алдов йўли билан тадбиркорнинг ишончига киришади.

Хусусан, улар ўзларига тегишли бўлмаган М.Улуғбек туманидаги 50 сотих ер майдонини тадбиркорга 4 млн АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан аванс сифатида 100 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

Шунингдек, юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали ушбу объектни нотурар тоифадан турар тоифага ўтказиб бериш ҳамда у ерда коттеж типидаги уй қуриши учун рухсатнома олиш, архитектура ва лойиҳа ҳужжатларини расмийлаштириш ва бошқа тегишли ишларни бажариб бериш эвазига 200 минг АҚШ доллари сўраб, олдиндан 100 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

Тезкор тадбир давомида икки шахс 200 минг АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди, — дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тергов ҳаракатлари доирасида уларнинг жиноий шерикларини шахсига аниқлик киритиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон