Чиқинди хизматидан қарздорлиги борлар электр энергияси учун тўлов қила олмайди

1 августдан бошлаб Ўзбекистонда чиқинди хизматларидан қарздор аҳоли электр энергияси учун тўловларни амалга ошира олмайди. Бу тартиб чиқиндилар учун тўлов интизомини кучайтириш мақсадида қонун асосида жорий этилмоқда.

Қоидаларга кўра, ҳар ойнинг 3-санасигача чиқинди хизматидан қарздорлар ҳақидаги маълумотлар «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ биллинг тизимига узатилади. Шундан сўнг, қарздор истеъмолчиларга ойнинг 5-санасигача огоҳлантирувчи хабарнома юборилади.

Хабарномадан кейин истеъмолчиларга қарздорликни бартараф этиш учун беш кунлик муҳлат берилади. Ушбу муддат ичида қарздорлик тўланмаса, электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти вақтинча чекланади. Қарздорлик тўлиқ қопланганидан сўнг эса чеклов автоматик тарзда бекор қилинади.

Мазкур тартиб 2025 йил 1 июлдан кейин юзага келган чиқинди хизматлари бўйича қарздорликларга нисбатан амал қилади.

Ҳукумат порталида қайд этилишича, санитар тозалаш корхоналари чиқинди тўловларини ҳисоблашда аниқлик ва ҳаққонийлик учун масъул ҳисобланади. Агар хизматлар ўз вақтида ёки сифатли кўрсатилмаган бўлса, бундай кунлар учун тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Қарорлар