Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири Рустам Аҳмедов вафот этди
Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири генерал-полковник Рустам Урманович Аҳмедов 81 ёшида вафот этди, деб хабар қилди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
Рустам Аҳмедов 1943-йил 10-ноябрда Фарғона вилоятининг Бағдод туманида туғилган. 1965 йилда Тошкент олий танк қўмондонлик билим юртини, 1985 йилда Зирҳли Кучлар академиясини тезкор-тактик қўмондонлик мутахассислиги бўйича тамомлаган.
Шунингдек, 1991-йилда Аҳмедов мудофаа вазири ва Миллий гвардия қўмондони этиб тайинланган, 1992-1997-йилларда эса Ўзбекистон мудофаа вазири лавозимида ишлаган, 1997-1998 йилларда Фавқулодда вазиятлар вазирлигини бошқарган.
Генерал-полковник Р.У.Ахмедов раҳбарлигида мустақилликнинг дастлабки йилларида армияни, қурол-яроғ ва ҳарбий техникани сақлаб қолиш, ҳарбий инфратузилмани ривожлантириш, шунингдек, ҳарбий хизмат нуфузини ошириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилди, — дейилади хабарда.
Ахмедов Рустам Урманович билан видолашув 13-октябрь куни соат 11.30 да Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Орол 3-тор кўчаси 13-уйда бўлиб ўтади.