Ўзбекистонда блогерлар мажбуриятлари енгиллаштирилади

Ўзбекистонда медиа соҳасини тартибга солувчи янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 7 май куни бўлган давра суҳбатида маълум қилинди.

Тадбирда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда қатор давлат, жамоат ташкилотлари ва медиа соҳаси экспертлари иштирок этган. 

Қайд қилинишича, ишлаб чиқилган ҳужжат онлайн платформалар ва веб-сайтлардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга ва амалдаги тартибни либераллаштиришга қаратилган.

Янги қонун лойиҳасида қуйидаги мақсадлар белгиланган:

онлайн-платформалар фойдаланувчилари ҳуқуқларини қонун даражасида мустаҳкамлаш;
интернет тармоғида ахборот тарқатиш тартиблари борасида ҳуқуқий аниқлик ва изчилликни таъминлаш;

онлайн-платформалар ва веб-сайт эгалари учун Ўзбекистонда фаолият юритишнинг аниқ шартларини белгилаш, уларнинг бизнес моделлари учун шарт-шароитларни аниқ прогнозлаш имконияни яратиш;

ахборот соҳаси иштирокчилари, жумладан, онлайн-платформалар, блогерлар, инфлюенсер ҳамда соҳани тартибга солувчи давлат органлари ўртасида ўзаро мулоқот ва конструктив ҳамкорлик учун ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш;

интернетдан фойдаланиш хавфсизлиги даражасини ошириш, болалар соғлигига хавф солувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича аниқ механизмларни яратиш;

фойдаланувчилар ўз шаън ва қадр-қимматини камситувчи маълумотлардан ҳимояланиш борасида ҳуқуқий кафолатларга ва зарур ҳолларда ваколатли органнинг кўмагидан фойдаланиш имкониятини яратиш.

Муҳокамада блогерлар ва инфлюeнсерлар ўртасидаги масъулият чегараси аниқлаштирилиб, блогерлар зиммасидаги мажбуриятлар соддалаштирилиши назарда тутилаётгани таъкидланган.

Лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши режалаштирилмоқда.

 

Қарорлар