Тошкент вилоятида боғча боласини ухламагани учун ҳақоратлаган тарбиячи ишдан бўшатилди

Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳридаги мактабгача таълим ташкилоти ходими тарбияланувчилардан бирига жисмоний куч ишлатди. Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати ушбу ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ходим ухламаётган болага нисбатан ҳақоратомуз сўзлар ишлатиб, уни «ифлос» ва «урод» деб атаган.

Ўрганиш натижаларига кўра, мазкур мактабгача таълим ташкилоти раҳбарининг жорий йил 6-апрелдаги тегишли буйруғи билан тарбиячи Ш. А. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди, — дейилади вазирлик хабарида.

Вазирлик томонидан, мамлакатдаги мавжуд барча мактабгача таълим ташкилотлари педагогларига белгиланган одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда касб этикаси нормаларига қатъий риоя этишлари кераклиги эслатилди.

Ўзбекистон