Андижон вилояти ҳокими ўринбосарининг $50 минг пора билан ушланиши тафсилотлари маълум бўлди

Андижон вилояти ҳокими ўринбосари катта миқдорда пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Мазкур мансабдор, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига киради.

Хусусан, у Бобур шаҳри ҳудудидаги давлат захирасида бўлган 20 сотих ер майдонини ваколатли мансабдор танишлари орқали аукционга қўйдириб, сўнгра ютиб бериш ҳамда мазкур фуқаро номига расмийлаштириб, келгусида бу жойда қурилиш ишлари амалга ошириши учун рухсатнома олиб бериш эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Натижада, ўтказилган тезкор тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари сўралган пул маблағини ўзининг яшаш хонадонида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.

Ҳозирда ҳолат юзасидан қонунбузарга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар