Тошкентда мактаб ўқувчилари бир болани металл жисмни ютиб юборишга мажбурлашди

Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда

Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқувчиси оғир ҳолатда шифохонага тушганлиги тўғрисида хабар тарқалди. Ҳолат Болалар омбудсмани томонидан назоратга олиниб, ўрганилмоқда.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 2-сентябрь куни Тошкент шаҳар Яшнобод туманида жойлашган мактабнинг 3-синф ўқувчиси вояга етмаган Т.М га юқори синф ўқувчилари томонидан таҳдид қилиниб, унинг қаршилик кўрсатишига қарамасдан куч билан оғзига номаълум жисм солишган, бола уни ютиб юборган.

Натижада, 5-сентябрь куни Т.М нинг соғлиги ёмонлашиб, қорин қисмида кучли оғриқ билан шифохонага ётқизилган.

Шифокорлар текширувида ички органлар қисмида номаълум ёт жисм борлиги аниқланиб, шошилинч операция йўли билан у олиб ташланган.

Бугунги кунда боланинг аҳволи қониқарли ҳолатда бўлиб, унга шифокорлар томонидан зарур тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Болалар омбудсмани боланинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши, таълим муассасаларида болалар хавфсизлигини таъминланиши нуқтаи назаридан ҳолат бўйича ўз кузатувини давом эттиришини таъкидлади.

Ўзбекистон