Даккада ҳарбий самолётнинг мактабга қулаши юзасидан талабалар намойиш ўтказди

Бангладеш пойтахти Даккада кеча рўй берган ҳарбий самолёт ҳалокати оқибатида вафот этганлар сони 31 нафарга етгани расман тасдиқланди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Қурбонларнинг аксарияти – 25 нафари 12 ёшгача бўлган болалар бўлиб, улар дарс тугаганидан сўнг уйга қайтишга ҳозирлик кўраётган эди.

Фожиа Хитойда ишлаб чиқарилган F-7 BGI русумидаги Бангладеш Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли қирувчи самолётнинг Milestone мактаби ва коллежи биносига қулаб тушиши оқибатида юз берган. Самолётда юзага келган техник носозлик сабабли учувчи уни аҳоли яшаш ҳудудидан узоқроққа буришга уринган бўлса-да, бу муваффақиятли амалга ошмаган. Учувчи ҳам ҳалок бўлган.

Воқеадан сўнг мактаб ўқувчилари ҳамда бошқа таълим муассасалари талабалари норозилик намойишларига чиқишди. Улар ҳукуматдан адолат, товон тўланиши ва хавфли ҳарбий самолётларнинг хизматдан чиқарилишини талаб қилмоқда. Намойишчилар пойтахтдаги ҳукумат котибияти олдида йиғилиб, айримлари бинога киришга уринган. Полиция уларни куч билан тарқатди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 165 киши шифохонага ётқизилган, шулардан 70 нафари ҳозиргача даволанмоқда.

Бангладеш Мудофаа вазирлиги ва вақтинчалик ҳукумат вакиллари ҳалок бўлганлар рўйхатини эълон қилиш устида ишлаётганини билдирди. Шунингдек, вақтинчалик раҳбар Муҳаммад Юнус матбуот хизмати самолётларнинг аҳоли яшайдиган ҳудудлар устида машғулот парвозлари тақиқланишини маълум қилди.

Ҳодиса ортидан мамлакат бўйлаб мотам куни эълон қилинди. Давлат байроқлари туширилди, ибодат жойларида ҳалок бўлганлар хотирасига махсус дуолар ўқилди.

Бу воқеа минтақадаги авиация хавфсизлиги борасидаги хавотирларни янада кучайтирмоқда. Яқинда Ҳиндистонда рўй берган йирик авиаҳалокатда ҳам 260 нафарга яқин одам ҳаётдан кўз юмган эди.

Бангладеш сиёсий беқарорлик даврини бошдан кечирмоқда. Ўтган йили собиқ бош вазир Шайх Ҳасина мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган. Вақтинчалик ҳукумат эса 2026 йилга мўлжалланган сайловлар олдидан кучайиб бораётган босим остида қолмоқда.

Жаҳон