Болгарияда Ўзбекистон Миграция агентлиги ваколатхонаси очилиши режалаштирилмоқда

10 июнь куни Тошкентдаги Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Болгария президенти Румен Радев расмий делегациялар иштирокида учрашув ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Музокараларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Президент Мирзиёев сўнгги 17 йил ичида илк марта ўтказилаётган саммитнинг тарихий аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Томонлар ташқи сиёсат идоралари ўртасида тизимли алоқаларни йўлга қўйиш, савдо ҳажмини ошириш, тўғридан-тўғри авиақатновларни ташкил этиш ва бошқа устувор йўналишларда келишувларга эришди.

Савдо ва иқтисодиёт соҳасида икки давлат ўртасида тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика ва технологик ускуналар етказиб бериш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш режалари белгиланди. София шаҳрида Ўзбекистон Миграция агентлиги ваколатхонасини очиш масаласи ҳам кун тартибига киритилди.

Музокаралар давомида гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш ва илмий ҳамкорликни ривожлантириш, Андижон шаҳрида олий таълим муассасалари ректорларининг учрашувини ўтказиш, шунингдек, 2024 йилда Ўзбекистон ва Болгария маданияти ва киноси ҳафталигини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Учрашув якунида президент Румен Радев Шавкат Мирзиёевни Болгарияга расмий ташриф билан боришга таклиф қилди. Радев, шунингдек, Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этади.

Сиёсат