Британия Украинага қўшинларини юбориши мумкин

АҚШ Киевга ҳарбий ёрдамни қисқартирган тақдирда, Буюк Британия қўшинларини Украинага юбориши мумкин. Бу ҳақда Британия собиқ бош вазири Борис Жонсон маълум қилди.

Жонсоннинг таъкидлашича, Украинанинг мағлубияти Россиянинг бошқа Европа давлатларига, хусусан, “Болтиқбўйи ва Грузияга нисбатан тажовузи” учун йўл очиб беради.

Агар Украина йиқилса, чегараларимиз ёнида ва Россия билан чегарадош бўлган бутун Европа қитъасидаги демократияларда катта таҳдидга дуч келамиз, деди сиёсатчи.

У Украинани қўллаб-қувватлашнинг узоқ муддатли молиявий афзалликларини таъкидлаб, ёрдамдан воз кечиш келажакда Буюк Британия учун анча катта харажатларга олиб келишини билдирди.

Бу ҳақиқатан ҳам давлат маблағларининг фойдали сармоясидир. Агар ҳозир ёрдам бермасак, кейинчалик ўз чегараларимизни ҳимоя қилиш учун анча кўп маблағ сарфлашимизга тўғри келади, деди Жонсон.

Унинг таъкидлашича Украина мағлубиятга учраса, Британия ўз иттифоқчиларини ҳимоя қилиш учун Россия билан тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувга киришишга мажбур бўлади.

Эҳтимол, Британия қўшинларини Украинани мудофаа қилиш учун юборишимизга тўғри келади, дея огоҳлантирди Жонсон.

Жаҳон