Тошкентнинг Шаҳрисабз кўчасида BRT-йўлаги фойдаланишга топширилди
Лойиҳанинг биринчи босқичи Шаҳрисабз, Миробод ва Шота Руставели кўчалари кесишмасидаги айланма ҳаракатли чорраҳадан Амир Темур шоҳкўчаси билан кесишмагача бўлган 1,2 км узунликдаги участкани қамраб олди

Тошкентда Шаҳрисабз кўчасида BRT-йўлагининг биринчи босқичи фойдаланишга топширилди, деб хабар бермоқда ЙҲҲБМ матбуот хизмати.
Лойиҳанинг мазкур босқичи Шаҳрисабз, Миробод ва Шота Руставели кўчалари туташган айланма чорраҳадан Амир Темур шоҳ кўчаси билан кесишмагача бўлган 1,2 километрлик участкани қамраб олди.
Қурилиш жараёнида мавжуд асфальт қопламасини янгилаш билан чекланилмади. BRT йўлагида катта сиғимли автобусларнинг мунтазам ҳаракати ва доимий юкламаси ҳисобга олиниб, йўлнинг остки конструкцияси тўлиқ қайта қурилди.
Бунинг учун айрим қисмларда 2 метрдан ортиқ чуқурликкача қазиш ишлари бажарилиб, мавжуд асос олиб ташланди ва йўл пойдевори қайта шакллантирилди. Грунт намлиги, тупроқнинг силжиши ва кейинчалик чўкиш хавфини камайтириш мақсадида геотекстил қопламаси ётқизилди.
BRT инфратузилмаси доирасида 5 та янги автобус бекати ташкил этилиб, жамоат транспорти учун алоҳида ҳаракат йўлаги шакллантирилди. BRT йўлаги умумий транспорт оқимидан бордюрлар орқали жисмонан ажратилди.
Бу ечим автобусларнинг тирбандликка камроқ боғлиқ ҳолда ҳаракатланиши, қатнов оралиғининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда бекатларга хавфсиз кириб-чиқиш имкониятини яхшилашга хизмат қилади.
Қурилиш давомида йўл ҳаракати тўлиқ тўхтатилмади. Ишлар марказий қисмдаги тасмаларда босқичма-босқич олиб борилиб, транспорт воситалари ҳаракати кўчанинг икки йўналишидаги чекка ўнг тасмаларда сақлаб қолинди.
Хусусан, 1,2 километрлик ушбу участка Шаҳрисабз кўчасида BRT инфратузилмасини шакллантиришнинг биринчи босқичи ҳисобланади. Умумий лойиҳа доирасида Шаҳрисабз кўчасининг қарийб 3 километрлик қисмида BRT йўлагини ташкил этиш кўзда тутилган.





