Биржа савдоларида АИ-80 бензини сотилиши тўхтатилди
«Ўзбекнефтгаз» АИ-80 бензинини биржа савдолари орқали сотишни тўхтатди, деб компания матбуот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, давлат раҳбарининг «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Фармони ижросига мувофиқ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан босқичма-босқич юқори октанли (АИ-92) автобензин ишлаб чиқаришга ўтиш ва сентябрь ойидан бошлаб биржа савдоларига фақат юқори октанли автобензин жойлаштирилиши режалаштирилган.
Шу боис, 2 сентябрдан бошлаб, Аи-80 бензинини биржа савдолари орқали сотилишдан тўхтатилди, – дейилади хабарда.
Шу билан бирга, АИ-92 русумидаги автобензиннинг биржа савдоларига чиқариш ҳажми оширилгани таъкидланди.
Шу вақтга қадар 1000 тонна АИ-92 бензини савдоларга чиқарилган бўлса, бугунги кунда бу рақам 1720 тоннани ташкил этмоқда. Ички бозор талабидан келиб чиқиб, бу ҳажмларни янада ошириш имконияти мавжудлиги хабар қилинди.
Жорий август ойида тадбиркор-истеъмолчилар томонидан харид қилинган АИ-80 русумидаги автобензин ҳажмлари мажбурият ва мавжуд қолдиқлар доирасида сентябрь ойида ҳам ўз эгаларига етказиб берилиши маълум қилинди.