Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалиги мансабдори $20 минг пора билан қўлга тушди

Тошкент вилояти Зангиота туман қишлоқ хўжалиги бўлими бош мутахассиси катта миқдордаги пора билан ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, бош мутахассис маҳаллий фуқарога тегишли уйнинг ёнида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 8 сотих ер майдонини тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун туман ҳокимлиги томонидан тузиладиган ишчи гуруҳ орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 40 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Натижада, мансабдор ушбу пул маблағидан 20 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланади.

Ҳозирда фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон