Йигитали Мамажонов «Иккинчи хотин» сериали режиссёрига тарсаки туширди — видео

Хонанда Райҳоннинг собиқ турмуш ўртоғи, актёр Йигитали Мамажонов «Иккинчи хотин» сериалининг суратга олиш жараёнида режиссёрга тарсаки туширди. Актёр видеони ўзининг Instagram story’сига жойлаб, изоҳ ёзиб қолдирган.

Фото: Instagram / @alimamadzhanov

Маълум бўлишича, суратга олиш жараёни бошланганда режиссёр хона декорациясини ўзгартирмоқчи бўлган. Мамажонов эса унга кўп вақтини олаётганини айтиб, тарсаки туширган.

Режиссёр ассистентлари актёрни ҳовуридан туширишга ҳаракат қилган, у эса ишкални давом эттириш истагида эканини айтган.

«Ҳозирги пайтда ўзини режиссёрман деб юрган, лекин режиссёрлик билимидан анча узоқ, лекин шунда ҳам кино олаётган инсонларни шунақа қилиб турсанг, фойдаси бўлармикан? Нима деб ўйлайсизлар? Ахир инсонларнинг савиясини кенгайтириш ёки бузишга сабабчи аспектлардан бири санъат ҳамку.

Ҳамма ўзининг ишини қилсада.

Камера-мотор дейилганда, ‘съёмкаʼ майдонида иштирок этадиган актёрлардан ташқари ошиқча одам кадрга киришга ҳаққи йўқ. Кино олами шунақа но профессионал ишчилар ва гўёки ижодкорлар билан тўлиб кетган, афсус», — деб видеога изоҳ ёзган Йигитали Мамажонов.

Эслатиб ўтамиз, хонанда Райҳон Ғаниева ва актёр Йигитали Мамажонов 2012 йилнинг ноябрида турмуш қурган эди. 2014 йилнинг май ойида Райҳон эгизак фарзанд дунёга келтирган, уларга Ислом ва Имрон деб исм қўйилган эди.

2015 йил 9 январь куни Райҳон ажрашиш учун ариза топширганини эълон қилган. 2016 йил май ойида уларнинг никоҳи расман бекор қилингани маълум бўлганди.

Актёрлар Йигитали Мамажонов ва Муқаддас Саъдуллаева 2018 йилда турмуш қурган. Актриса Instagramʼдаги постларидан бирида «Ҳаётий тажрибамга кўра, инсонлар бировнинг шахсий ҳаётига ҳам аралашиб турмушини бузиб юборишганигача кўриб гувоҳ бўлдим. Шахсий ҳаёт шахсийлигича, сирлилигича қолгани яхши! Оиламни бундан буёғига ҳар қандай бало қазолардан узоқ тутаман», — деб ёзган эди.

Шоу-бизнес