Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаси 1 августгача узайтирилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаси 1 августгача узайтирилгани маълум қилинди.
Ушбу таклифни депутат Жаҳонгир Ширинов билдирган. Бунга сабаб сифатида ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича кўплаб таклифлар келиб тушаётгани кўрсатилган. Депутатлар юқоридаги таклифни қўллаб-қувватлаган.
Шунингдек, Конституциявий комиссия раиси, Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов бундан олдинги узайтириш — 5 июлдан 15 июлгача бўлган муддатни хорижлик айрим экспертлар Қорақалпоғистон воқеалари билан боғлагани, аммо бу ўринсиз бўлиб, лойиҳа муҳокамаси муддати чўзилишига сабаб келиб тушаётган таклифларнинг кўплиги эканини билдирди.
У, бундан ташқари, мамлакатда бўлиб ўтаётган сиёсий жараёнга Ўзбекистон ичкарисидан кўра ташқаридан қизиқиш кўпроқ билдирилаётганини айтди.
Маълумот учун, жараёнда 60 дан ортиқ модда ва 200 дан ортиқ нормага ўзгартириш киритиш кутилмоқда.