ИИВ ЙҲХХ рўйхатлаш бўлинмалари учун 100 та «Volkswagen Caddy» сотиб олинади
Ички ишлар вазирлиги «Аҳолига миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, шунингдек, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш соҳасидаги давлат хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.
Ҳужжат лойиҳаси билан Ички ишлар вазирлигига икки ой муддатда қуйидаги вазифалар юкланмоқда:
- Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда миграция ва транспортни рўйхатга олиш соҳасидаги давлат хизматларини кўрсатишда республика ҳудудини доимий хизмат билан қамраб оладиган «Cалл cэнтер»ни ташкил қилиш;
- миграция ва транспортни рўйхатга олиш соҳасидаги давлат хизматлари фойдаланиш учун электрон ариза юбориш ёки қўшимча тўлов асосида хизмат кўрсатувчи ходимни уйга чақириш имконини берувчи дастурий таъминот (мобил илова) ишга туширилишини таъминлаш.
«Ўзбекистон почтаси» АЖ билан биргаликда бир ой муддатда идетификацияловчи ID-карта ва хорижга чиқиш биометрик паспорти, шунингдек, автомототранспорт воситаси рўйихатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини фуқароларнинг яшаш манзилига почта жўнатмаси сифатида жўнатиш чораларини ташкил этиш вазифаси қўйилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг Тошкент шаҳар ва вилоятлар марказларидаги бўлинмалари учун 27 та «Spark» русумли автотранспорт воситаларини ва Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги рўйхатлаш бўлинмалари учун 100 та «Volkswagen Caddy» русумли автотранспорт воситаларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ харид қилади.
Шунингдек, миграция ва транспортни рўйхатга олиш соҳасидаги давлат хизматларини доимий яшаш ёки турган жойига чиқиш орқали ташкил этишни таъминлаш мақсадида Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига 27 та планшет ва ёки компьютерга ўрнатилган техник қурилмалари, ЙҲХХга 135 та планшет қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ харид қилинади.
Бундан ташқари, бошқармага 27 та мутахассис ёки хизматчи сифатида шартнома асосида жалб этиладиган, ЙҲХХга Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг амалдаги штат бирликлари доирасида 135 та қўшимча штат бирлигини ажратади.