Ўзбекистон аҳолиси «эҳсон» никоби остидаги террорчиликдан огоҳлантирилди

Ўзбекистонда интернет орқали «эҳсон» ва «ҳайрия» ниқобида пул йиғиб, террорчилик ташкилотларига юбораётган шахслар аниқланмоқда.

Хусусан, ўтган 2025 йилнинг куз фаслида Корея телеканаллари орқали Жанубий Кореяда сохта хайрия орқали пул йиғиб, террорчилик фаолиятини молиялаштирган ўзбекистонлик йигит ушланганлиги тўғрисидаги хабарлар кенг тарқалган.

Маълум бўлишича, 29 ёшли ўзбекистонлик эркак хайрия ташкилоти ниқоби остида сохта фаолият юритиб, 952 млн вон (663 минг доллардан ортиқ) ундирган. Тўпланган маблағларнинг бир қисми БМТ томонидан террорчи деб тан олинган КТЖ (Катиба ат-тавҳид вал-жиҳод) ва ҲАМАС ташкилотларига ўтказиб берилган. Аниқланишича, эркак илгари Ўзбекистонда ҳам террорчилик маблағларини молиялаштиришда айбланиб, маҳаллий қидирувда бўлган. Ўзбекистон элчихонаси унинг паспортини бекор қилиб, Корея полициясидан уни ҳибсга олишни сўраган.

Бундан ташқари, Бухорода терроризмни молиялаштирган ота ва ўғил ҳақида хабар берилган эди. Эслатиб ўтамиз, Бухоро шаҳрида яшовчи, 1999 йилда туғилган шахс ёт ғоялар таъсирида 2019 йилда Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилоти сафига бориб қўшилган.  У жангарилар сафида фаолият олиб бориш билан бирга, ижтимоий тармоқлар орқали турли баҳоналар билан бошқалардан пул йиғиб, террористик ташкилотнинг молиявий таъминотини яхшилашга кўмаклашган.

Хусусан, 2021—2025 йиллар давомида мазкур шахс интернет орқали ўзбекистонлик фуқаролар билан мулоқотга киришиб, уларни криптовалюта кўринишида пул маблағлари юборишга даъват қилган ва натижада катта миқдорда пул йиғишга муваффақ бўлган. Ҳозирда унга, пул юборган 8 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 155-3-моддаси, яъни терроризмни молиялаштириш айби билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, у ўзининг ишларига Бухорода истиқомат қилувчи 1965 йилда туғилган ўз отасини ҳам жалб қилади. Ҳозирда отага нисбатан ҳукм ўқилиб, у 10 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жиноятчи фарзандга нисбатан эса, қидирув эълон қилинган.

Мазкур ҳар икки ҳолатда ҳам «эҳсон» дея йиғилган пулларнинг барчаси террорчиларга юборилган. Бугунги кунда террорчи ташкилотлар ҳам интернет орқали мусулмонларга, Ғазо аҳолисига ёрдам беришни ниқоб қилган ҳолда хайрия акцияларини ташкил этиш орқали пул йиғишмоқда ва уларнинг фаолияти молиялаштириб келинмоқда.

Ўзбекистон аҳолиси юқоридаги каби террористик ташкилотлар тарафдорларининг алдовига учиб, интернетда эълон қилинган норасмий манбаларга «эҳсон» юборишдан огоҳлантирилди. Амалда эса бу маблағлар янги террорчилик ҳаракатларини амалга оширишга йўналтирилиши мумкинлиги таъкидланди

Ўзбекистон