Ўзбекистонда балиқни кооперация асосида етиштирувчилар барча солиқлардан озод қилинади
Ўзбекистонда балиқни кооперация асосида етиштирувчилар барча солиқлардан озод қилинади.
Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, чакана савдо, умумий овқатланиш, меҳмонхона, йўловчи ва юк ташиш, автотранспортларни таъмирлаш, уларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер хизматларини, маиший техникани таъмирлаш, агро ва ветеринария хизматлари кўрсатувчи, кўнгилочар жойларда хизмат кўрсатувчи тадбиркорлар — 2022 йил 1 апрелдан 2025 йилдан 1 январгача ижтимоий солиқни 1 фоиз тўлайди.
Тадбиркорлар 2022 йил 1 январдан 2027 йил 1 январгача майдони 5 минг квадрат/метрдан кўп савдо комплекслари ва меҳмонхоналар, улар эгаллаган ерлар бўйича қуйидагиларга ҳақли:
- мол-мулк ва ер солиғи бўйича ставкаларга нисбатан 0,1 коэффициентни қўллашга;
- фойда солиғини ҳисоблашда 2 йиллик мазкур биноларнинг қийматини амортизация тарзида чегириб ташланадиган харажатларга киритишга.
Хўжаликларда балиқ етиштиришни кооперация асосида йўлга қўйган солиқ тўловчилар 2025 йил 1 январгача барча солиқлардан (ҚҚС ва ижтимоий солиқ мустасно) озод қилинади.
Чарм, мўйна хом ашёси ва жунни қайта тайёрлаш, қорамолни автоматлаштирилган тарзда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий чармдан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача фойда, айланмадан олинадиган ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод қилинади.