eMaktab’da экофаол ёшлар ҳақида маълумот жойлаш таклиф қилинди
Самарқандда Марказий Осиёнинг 5 давлатидан ташриф буюрган 60 нафар экофаоллар иштирокида экофорум ўтказилмоқда. Уч кундан буён давом этаётган форумда иштирокчилар ўз таклифларини саралаб бормоқда.
3 октябрдаги муҳокама ва тақдимотларда иштирокчилар ўз ғояларини саралашди. Экспертлар эса уларни баҳолаб боришди. Иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда ғоялар тайёрлашди. Кейин барча гуруҳлар бошқа гуруҳларнинг ғояларига овоз бериш орқали уларни саралашда ёрдам беришди.
Экофаоллар аввалги кунларда бўлгани каби минтақа экологик ҳаётига оид янгиликларни мунтазам бериб бориш, ёшларнинг экохабардорлиги муаммоларни ечиш учун муҳим омил эканини таъкидлашди. Бу борада бир қатор таклифлар ҳам илгари сурилди. Масалан, Марказий Осиё давлатлари учун экологик ҳаёти ҳақида маълумот бериб борувчи сайт яратиш, барча давлат экофаолларини бирлаштирадиган муҳокама платформаси ташкил қилиш каби.
Шунингдек, иштирокчилар бир овоздан ёшлар экологик масалаларга эътибор қаратишида ота-оналарнинг роли катта эканини таъкидлашди. Муҳокамаларда экологик лойиҳалар молиявий кўмаксиз амалга ошмаслиги қайд этилиб, Марказий Осиёдаги эколойиҳаларни молиялаштирадиган фонд ташкил қилиш таклиф этилди.
Чиқиндини назорат қилиш ва экофаолларни эътироф этиш
Ўз лойиҳаларини тақдим этган гуруҳлардан бири минтақада чиқиндилар назорат қилиниши кераклиги, фақат шу орқали чиқинди таркиби ва миқдорини аниқлаш мумкинлигини билдирди. Шунингдек, бу гуруҳ минтақадаги бизнесни имкон қадар «яшил бизнес»га айлантириш кераклигини илгари сурди.
Қирғизистонлик экофаол эса экология масаласида муваффақият қозонган ёшларни эътироф этиш кераклигини айтиб, масалан улар ҳақида ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари онлайн платформаси eMaktab’да маълумот жойлашни таклиф қилди. Унинг фикрича, бу бошқа ёшларни ҳам экология масаласида фаол бўлишга ундайди.
Иштирокчилар экологик муаммоларни бартараф этишда ёшларнинг ўрни катталиги, чунки минтақа аҳолисининг аксар қисмини айнан ёшлар ташкил қилишини таъкидлаб, бундай муаммолар ёшларсиз ҳал қилиниши хато эканини яна бир бор таъкидлашди. Экофаоллардан бири бундай мазмундаги қонунчиликдаги ўзгаришларда албатта ёшларнинг овози инобатга олиниши шартлигини айтди. Шунингдек, экологияга оид давлат ташкилотларида ёшларнинг тажриба орттириши учун шароит яратилиши керак экани таъкидланди.
Чиқинди бўйича баҳс
Экофаоллар ўз дастурида чиқиндилар масаласига кўп эътибор қаратди. Хусусан, чиқиндиларни йиғишакциялари ўтказиш, пластик чиқиндиларни белгиланган жойга ташлаш ҳақида сўз борди.
Аммо экспертлар бу таклифлари эшитгач, масалага бошқача ёндашиш кераклигини айтишди: «Биз болаларимизга пластик трубочкаларни махсус жойга ташлашни уқтиргандан кўра ўша трубочкадан фойдаланмасликни ўргатганимиз яхшироқ. Чунки чиқиндига улоқтирилган бундай трубочкалар барибир қаергадир ташланади. Масалан, дунё океанларидаги ҳимоясиз тошбақалар айнан мана шундай трубочкалар нафас йўлига тиқилиши оқибатида нобуд бўлмоқда», деди экспертлардан бири.
Экофорумда минтақа ўқитувчилари ҳам қатнашмоқда ва улар ҳам ўз таклифларини илгари суришди. Уларнинг фикрича, ўқувчилар мактаб ҳовлисидаги яшилликни яратишда бевосита ўзи қатнашса, уни кўпроқ қадрлайди. Шу сабаб мактабдаги дарахтларни, яшилликларни парваришлашда ўқувчилар қатнашиши ҳам зарурлиги айтилди.
Энг таъсирли чиқиш
3 октябрдаги муҳокамаларда сўзга чиққан тошкентлик Мафтуна Маматова барчанинг эътиборини ўзига қарата олди. Бу иштирокчининг чиқишини залдагилар тик туриб олқишлашди: «Биз экологик муаммоларни тушунишимиз учун кўпроқ маълумот билишни истаймиз. Бу борада инклюзивлик керак. Шундагина биз ҳам экологияга ёрдам бера оламиз», деди Мафтуна.
Самарқанд шаҳрида 1 октябр куни бошланган экофорум 4 октябр куни якунланади.