Фото: Ўтмишда турклар ва юнонлар биргаликда яшаган қишлоқ бўйлаб сайёҳат
Туркияда «Шаби арус» тадбирларида иштирок эииш учун бир гуруҳ хорижий ва ўзбекистонлик журналистлар 14–20 декабрь кунлари Истанбул ва Коня шаҳарларида бўлгани ҳақида хабар берилганди. Туркия маданият ва туризм вазирлиги ташкил этган ушбу медиа-тур давомида журналистлар Коня шаҳар марказидан 8 километр узоқликдаги Силле турк қишлоғи ҳамда салкам 7 асрлик тарихга эга Аё Елена черкови билан танишди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров хабар берди.
Силле — Марказий Aнадолудаги Коняга яқин бўлган кичик бир турк қишлоғи бўлиб, у атрофи тоғлар билан ўралган ҳудудда яъни водийда жойлашган. Илк насронийлик даврининг биринчи марказларидан бири бўлмиш Силле Истанбул ва Қуддус ўртасидаги зиёрат йўлининг муҳим турар-жойларидан бири саналган. Ушбу қишлоқ 1922 йилгача юнон тилида гаплашадиган кам сонли аҳоли қишлоқларидан бири ҳисобланган. Юнонлар бу ерда 800 йилдан ортиқ вақт давомида Коня яқинидаги турклар билан тинч-тотув яшаб келган.
Манбаларда айтилишича, Коняда яшаб ижод қилган буюк мутафаккир Жалолиддин Румий Силледаги черков ичида кичик масжид қурдирган. Унинг араб-турк ёзувларидан юнонча шеърлар ёзганлиги маълум. Румий турклардан ҳеч қачон қишлоқдаги юнонларга озор бермасликни сўраган ва юнон қишлоқларига ўзининг қабрини тозалаш вазифасини топширган. Турклар унинг амрини ҳурмат қилишган.
Мавзуга доир: Румий ҳаёти ва XII аср муҳити акс этган Туркиядаги Панорама музейи ва ИРФА маданият маркази — суратларда
Греция ва Туркия 1923 йилда дин асосида фуқаролар алмашинувига қарор қилган. Ва шу тариқа 1924 йилдан кейин барча юнон аҳолиси қишлоқни тарк этган. Алмашинувга қадар Силледа юнон православ ва арман аҳолиси истиқомат қилган. Шунингдек, насроний прaвoслав диндорларининг маданий бойлигини ўзида мужассам этган Силле XIX асрдан буён шу пайтга қадар кўплаб олимларнинг эътиборини тортиб келган.
Силле Коня туманларининг бирига 1989 йилда иккита маҳалла сифатида бириктирилган. 1995 йилда Коня маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш кенгаши томонидан ундаги черковлар, монастирлар ва қабристонларнинг жанубий ён бағирлари биринчи даражали археологик жой деб эълон қилинган. Бугунги кунда Силле Конянинг муҳим маданий ва сайёҳлик маркази ҳисобланади.
Бунда ташқари, Коня маданий меросини муҳофаза қилиш минтақавий кенгашининг қарори билан қишлоқ «муҳофазаланган ҳудуд» мақоимини олган. Ҳозирда қишлоқ тарихий топилмаларини сақлаш ва туристик мақсадларда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Айтиш керакки, Силле водийсининг тарихий муҳитини яратадиган биноларидан бири — бу Aё Елена черковидир. Ушбу тарихий черков милодий 327 йилда қурилган бўлиб, уни Византия императори Константиннинг онаси Елена қурдирган. Манбаларда ёзилишича, зиёратга бориш учун Қуддусга кетаётган Елена Коня ҳудудида тўхтайди ва бу ерда илк христиан даврига оид ибодатхоналарни кўргач, ўзи ҳам бир ибодатхона қурмоқчи бўлади. Шундан сўнг Aё Елена черковининг пойдеворини қўйиб беради.
Черковнинг бугунги кунгача етиб келиши унинг асрлар давомида таъмирланиб келиши билан боғлиқ. Хусусан, унинг ички қисмида юнонча ҳарфлар билан ёзилган туркча таъмирлаш ёзуви черков тарихи ҳақида маълумот беради. Ушбу ёзув 1833 йилга тегишли бўлиб, у султон Абдулмажид даврида тўртинчи марта таъмирланганлигидан дарак беради.
Бундан ташқари, Силледа Тош масжиди ва бошқа масжидлар, Ҳожи оға, Субаши ҳаммоми, фавворалар, Салжуқийлар ва Усмонийлар даврига оид кўприклар каби туркий-исломий тарихий манбалар мавжуд. Маълумот ўрнида, қишлоқни 360 даражали тасвирда томоша қилиш мумкин.
Мавзуга доир:
- Туркияда уйга эшик эмас, томдаги тешикдан кирилган шаҳарча — суратларда
- Туркияда Румий вафотининг 747 йиллиги муносабати билан «Шаби арус» маросими ўтказилди — фото
- Румий мероси, мавлавия мактаблари ва Ўзбекистонга бориш орзуси — Мавлононинг 22-авлоди Эсен Челеби билан учрашув
- Туркиядаги салкам 100 йиллик тарихга эга Мавлоно музейига фотосаёҳат