Гулистондаги чорраҳада рақсга тушган йигитларга чора кўрилди
Гулистон шаҳар марказидаги чорраҳалардан бирида ҳайдовчиларга ҳалақит бериб, рақсга тушган йигитларга чора кўрилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқларда Гулистон шаҳар марказидаги чорраҳалардан бирида йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, автомашиналар ҳаракатига ҳалақит берган ҳолда рақсга тушган 3 нафар йигитларнинг хатти-ҳаракатлари кенг жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлган.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабарига кўра, ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида олиб борилган тезкор профилактик тадбирлар натижасида 3 нафар йигитларнинг шахсига аниқлик киритилган. 2 нафари 20 ёшли, 1 нафари эса 18 ёшли йигитлар, Ховос тумани Бунёдкор маҳалласида яшовчи Д.Э. Сирдарё тумани, Заршунослик махалласида яшовчи А.И. ҳамда уларни видеотасвирга олган Сайҳунобод тумани, Фаровон маҳалласида яшовчи Ш.А. эканлиги маълум бўлган.
Ушбу йигитлар содир этган ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 54-модда, 1-қисми (Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш) ҳамда 183-моддалар ( Майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик) тартибида ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Гулистон шаҳар Маъмурий судига кўриб чиқишлик учун юборилган.
Гулистон шаҳар Маъмурий суди қарорига кўра фуқаро Д.Э. ҳамда А.И.ларга БҲМнинг 5 баравари миқдорида жарима ҳамда 4 (тўрт) суткадан маъмурий қамоқ жазоси, фуқаро Ш.А.га нисбатан эса БҲМнинг 5 (беш) баравари миқдорида жарима ҳамда 3 (уч) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Аввалроқ шоу экспертларидан бири Шоира Изокова TikTok’даги қизларни танқид қилиб, уларга ким ўйланади, 50—60 ёшга тўлганда ўзи шу видеони кўриб уялмайдими, деган саволни ўртага ташлагади. Кейинроқ Ўзбек блогери видеоларидан тушадиган даромади ҳақида гапирган.