Навоийда газ таъминоти корхоналарига ноябрда етказилган зарар миқдори маълум бўлди
Навоий вилоятида жами 7 та объектда табиий газга ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланиб, газ корхоналарига ноябрь ойида етказилган зарар 506,2 миллион сўмни ташкил этди. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Навоий» газ таъминоти филиали матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, ноябрь ойида ўтказилган ўрганиш ишлари давомида Навоий ва Зарафшон шаҳарлари ҳамда Кармана туманида жами 7 та объектда табиий газга ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланган. Ушбу объектларда ҳисобга олинмай сарф қилинган газ ҳажми 537,7 минг метр кубни, ўғирлик натижасида газ таъминоти корхоналарига етказилган зарар миқдори эса 506,2 миллион сўмни ташкил этган.
Жумладан, Навоий шаҳридаги «Навоий Парвоз» МЧЖга қарашли иссиқхона газ таъминоти корхонаси билан ҳеч қандай шартнома тузмай, газдан ноқонуний тарзда фойдаланиши оқибатда 13,08 минг метр куб газ ҳисобга олинмай сарф қилиниб, газ таъминоти корхонасига 13,08 миллион сўм миқдоридаги зарар етказилган.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда март–октябрь ойларида таъмирланган газ тақсимлаш пунктлари сони маълум бўлди
Шунингдек, «Экономик прожект» МЧЖга қарашли оҳак ишлаб чиқариш корхонаси истеъмолчиси ҳам ўзбошимчалик билан табиий газдан фойдаланиб, 100,133 минг метр куб газни талон-тарож қилгани аниқланган.
Маълум қилинишича, «Кармана агро инвест» МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш шохобчаси газ таъминоти корхонаси билан шарнома тузилмагани учун тармоқдан узиб қўйилган. Aммо истеъмолчининг ўзбошимчалик билан табиий газ тармоғига қайта уланиши натижасида, 255 минг метр куб газ ҳисобга олинмай сарф қилинган.
Ҳудуддаги «Бунёдкор замондош» МЧЖга қарашли хусусий уй-жой мулкдорлар ширкати ҳам ҳужжатларни тегишли тартибда расмийлаштирмай, ўзбошимчалик билан табиий газ тармоғига ноқонуний уланишни амалга оширган. Натижада эса, 47,643 минг метр куб табиий газ сарфлаб юборилган. Табиий газни ўғирлаш ҳолати бўйича етказилган зарар миқдори эса 18,104 миллион сўмни ташкил этади. Таъкидланишича, CОVID марказида 5,905 минг метр куб газ ноқонуний равишда сарф қилиниб, етказилган зарар миқдори 3,897 миллион сўмни ташкил этган.
Мавзуга доир: Навоийда газ таъминоти ходимлари томонидан 1 млрд сўм маблағ ноқонуний ўзлаштирилгани аниқланди
Шунингдек, рейд тадбирлари давомида Зарафшон шаҳридаги «Нурли диёр парранда» МЧЖга қарашли иссиқхонада табиий газга ноқонуний уланиш натижасида, 6,4 минг метр куб, Кармана туманидаги «Қизилтепа ҳамкор осиё» МЧЖга қарашли иссиқхонада эса 109,576 минг метр куб газни талон-тарож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар фош этилди.
Қайд этилишича, юқорида қайд этилган барча ҳолатлар бўйича материаллар давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топширилди. Aйни пайтда вилоятнинг барча ҳудудларида шу каби газ таъминоти тизимига белгиланган қонун ҳамда тартибларни чеклаб ўтган ҳолда уланишларни аниқлаш бўйича текширувлар давом этмоқда.
Aввалроқ Бухорода йўл қурилишидаги мутассади раҳбар 440 миллион сўмни ўзбошимчалик билан сарфлагани учун қамалгани, Бухорода «Ўзбекнефтгаз» масъул ходимлари салкам 300 миллион сўмлик қувур ва қора металларни талон-торож қилгани аниқлангани ҳамда Тошкентда 200 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган собиқ ширкат раҳбари қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.