«Оммавий ахборот воситаларига раҳмат. Улар давлатимизга душман эмас, дўст» — Шавкат Мирзиёев
Президент Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Тошкент метрополитенининг Сергели йўналишини бориб кўргани хабар қилинган эди. Шу ерда давлат ва жамоат ташкилотлари, ОАВ вакиллари билан мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, Шавкат Мирзиёев мулоқот давомида Оммавий ахборот воситаларига миннатдорлик билдирган ва улар давлатга душман эмас, дўст эканлигини таъкидлаган:
«Оммавий ахборот воситаларига раҳмат. Улар давлатимизга душман эмас, дўст. Улар баланд овозда адолатни, ҳақиқатни айтиб турмаса, раҳбарларнинг дарров оёғи ердан узилиб қолади. Халқимиз, уйингга эски тўнингни илиб қўйиб, кимлигингни унутма, деганидек, ҳамма раҳбарлар шу элнинг фарзанди, вакили эканини доим ёдда тутиши керак. Юртимиздаги тинчликнинг қадрига етиб, халқимизга муносиб шароит яратишимиз зарур», — деди давлат раҳбари.
Aввалроқ Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари форумида иштирок этиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун ҳар бир вилоятга қанча кредит маблағлари ажратилиши маълум қилинган.