Ўзбекистонда фуқароларга паспорт ўрнига ID-карталар бериш бошланади
Ўзбекистонда 2021 йил 4 январдан биометрик паспорт ўрнини эгалловчи идентификация ID-карталари берила бошланади. Бу ҳақда «Газета.uz»га Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи, полковник Улуғбек Мирзақамбаров маълум қилди.
Қайд этилишича, ID-карталарини олиш учун ҳеч қандай махсус ҳужжатлар талаб этилмайди, фақат паспот, ариза ва давлат божи – базавий ҳисоблаш миқдорининг 89 фоизи (198 470 сўм) тўланиши лозим.
Улуғбек Мирзақамбаровнинг сўзларига кўра, ID-карта бир иш кунида берилади. Доимий яшаш манзилида рўйхатдан ўтиш ўзгарган тақдирда картани алмаштириш талаб этилмайди.
«1 сентябрдан Тошкент ва Тошкент вилоятида рўйхатга олиш тизимини рақамлаштириш жараёни бошланди. 1 январдан бошлаб бутун республика бўйича прописка жараёнлари рақамлаштирилади. Прописка фақат тизимда ўзгартирилади. Картанинг ўзида яшаш манзили ёзилмайди», — деган бошқарма бошлиғи.
Аввалроқ Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ишлари қачонгача давом этиши маълум бўлганди. Шунингдек, Ўзбекистонда бир қатор давлат хизматларида фуқаролардан «прописка» талаб этилмаслиги мумкинлиги хабар қилинган.