Ўзбекистонда коронавирус вакцинаси билан эмланганлар сони маълум бўлди

Ўзбекистонда 22 декабрь ҳолатига кўра 226 нафар кўнгилли фуқаролар вакцина билан эмланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, фуқароларнинг вакцина тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини билдириши ҳамда кўнгилли сифатида эмлашда қатнашиш ниятида мурожаат қилиши учун Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан махсус сайт яратилмоқда. Aйни пайтда назоратга олиш имкони кенг бўлгани учун асосан пойтахтда яшовчи кўнгилли фуқаролар ушбу вакцина билан эмланмоқда. Ва 22 декабрь санасига кўра, 226 нафар кўнгилли фуқаро вакцина билан эмланган.

Қайд этилишича, коронавирусга қарши клиник-синов тарзда эмланаётган кўнгиллилар Хитойнинг «Рекомбинат» вакцинаси биринчи ва иккинчи клиник-синов жараёнларидан муваффақиятли ўтган. Шу пайтгача учинчи фаза клиник-синовлари давомида эмланганлар ўртасида ҳам салбий асоратлар аниқланмаган. Улар доимий равишда шифокорлар назоратида бўлиб турибди.

Хабарда айтилишича, эмлашдан олдин кўнгилли фуқароларнинг қон тахлили экспресс усулда ўрганилади. Бунда организмда инфекцияга қарши антитаначалар йўқлиги ҳамда коронавирус касаллигига чалинмагани аниқланади. Шунингдек, бурун ва ҳалқумдан олинган суртмалар ПЗР орқали текширилиб, танада CОVID-19 вируси йўқлигига ишонч ҳосил қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда COVID-19’га қарши Хитойнинг «Ayhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical» компания вакцинаси ва Россияда ишлаб чиқарилган «Спутник V» вакцинасининг 3-босқич клиник тадқиқотлари ўтказилиши режалаштирилган.

Бунда вакциналарнинг хавфсизлик кўрсаткичларини баҳолаш, уларнинг инфекцияни олдини олишдаги самарадорлигини аниқлаш асосий вазифа қилиб белгиланган. Шунингдек, «Sinopharm group» компанияси билан ҳам ушбу йўналишда иш олиб борилган.

Aввалроқ Ўзбекистон учинчи босқич синовларида ижобий натижа кўрсатган вакцинани харид қилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Россия саноат ва савдо вазири «Спутник V» вакцинасини Ўзбекистонга олиб келгани хабар қилинган.

Янгиликлар