Ўзбекистонда «таксист»лар нега ўзини ўзи банд қилган фуқаролар рўйхатига киритилмаганига изоҳ берилди
АОКАда 2020 йил 22 декабрь куни Давлат солиқ қўмитаси масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда қўмита раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров киракашлик билан шуғулланаётган фуқаролар нима учун ўзини ўзи банд қилган фуқаролар рўйхатига киритилмагани ҳақидаги саволга жавоб берди.
Таъкидланишича, киракашлик билан шуғулланувчи фуқаролар ўзини ўзи банд қилган фуқаролар рўйхатига киритилса, аҳоли ташиш билан шуғулланувчи корхоналарга қўйиладиган талабларни ҳар бир ўзини ўзи банд қилган киракаш ҳам бажариши лозим бўлади. Шу сабабли бу соҳа вакиллари 67 талик рўйхатдан чиқариб ташланган.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда таксичилик учун лицензия олиш тартиби соддалаштирилди
«Ушбу масала жуда ҳам муҳим ва долзарб ҳисобланади. Барча ҳудудларда такси хизматини кўрсатувчи фуқаролар кўп. Уларнинг фаолиятига қонуний шароит яратилса, уларнинг ижтимоий муаммолари ҳам ҳал бўлади.
Лекин киракаш ўзини ўзи банд қилувчи сифатида рўйхатдан ўтса, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масала юзага келади. Яъни аҳоли ташиш билан шуғулланувчи корхоналарга қўйиладиган талабларни ҳар бир ўзини ўзи банд қилган киракаш ҳам бажариши керак деган масала кўтарилган ва 67талик рўйхатдан чиқариб ташланган.
Лекин бу дегани бу борада иш тўхтаб қолди, дегани эмас. Ушбу масала бўйича махсус ишчи гуруҳи тузилган ҳамда мақбул ечим изланяпти. Лекин бу воқеа қачон рўй бериши ҳақида аниқ жавоб айта олмайман», — дейди Фазлиддин Умаров.
Аввалроқ Ўзбекистон чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида кўрсатиладиган пулли хизматлар рўйхати белгилангани ва Тошкентда тезюрар автобуслар қайси йўналишларда ҳаракатланиши ҳақида хабар берилганди.